Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқотни ўтказиб, энг илғор бизнес вакилларини давлат мукофотлари ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлади. Учрашувда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, экспорт ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор янги ташаббуслар эълон қилинди.
“Юртимизда яратилаётган ҳар бир иш ўрни, қад кўтараётган ҳар бир корхона – сизларнинг жасорат билан қилаётган меҳнатингиз маҳсулидир”, — деди давлат раҳбари.
Асосий янгиликлар ва чора-тадбирлар
Солиқ ва ҳисоботлар
• Келаси йил 1 январдан йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган барча тадбиркорлар айланмадан 1% ягона солиқ тўлайди.
• Фойда солиғи бўйича аванс тўлови талаблари айланмаси 20 млрд сўмдан юқори корхоналаргагина татбиқ этилади — натижада 14 мингга яқин тадбиркор ихтиёрида қўшимча айланма маблағ қолади.
• Айланма солиқдан ҚҚСга ўтаётган корхоналарга 1 йил фойда солиғидан озодлик, хато ҳисоботлар учун жарималар қўлланмаслиги, бухгалтер маошининг бир қисмига солиқдан чегирма берилади.
• 1 ноябргача солиқ текширувларида аниқланган хато-камчиликлар бўйича “амнистия”: жазо ўрнига ихтиёрий тўғирлаш имкони.
• Кичик бизнес учун жарималар 3 баробарга камайган ягона тизим жорий қилинади; ер, мол-мулк, ижтимоий ва даромад солиқлари ҳисоботларини солиқчиларнинг ўзи тайёрлаб беради.
Рақамли ҳисоб-китоб ва “соя”дан чиқиш
• 1 ноябрдан тадбиркорларга барча мобиль иловаларда тўлов қилиш имконини берадиган универсал QR-код жорий этилади.
• ЯТТ ва ўзини-ўзи банд қилганлар учун 2030 йилгача махсус ҳуқуқий режим: рўйхатдан ўтишдан ҳисоботгача рақамли платформалар орқали, электрон калитсиз имзолаш, “кунбай/соатбай” маошни электрон ҳамён орқали тўлаш имкони.
Экспорт ва саноатни қўллаб-қувватлаш
• Тўқимачиликда “ишончли экспортчи” дастури старт олади; экспорт олди молиялаш учун 200 млн доллар.
• Электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, фармацевтика тармоқларидаги корхоналар айланма маблағи учун 500 млн доллар.
• Халқаро конъюнктура туфайли кечиккан тушумлар сабаб юзага келган муддати ўтган экспорт қарздорлиги учун жарималарга 1 йиллик мораторий (давлат улуши бўлмаган корхоналарга).
• “Ўзбекистон рамзи” сифат белгиси билан ҳар тармоқда 10 тадан рақобатдош маҳсулотни жаҳон бозорига чиқариш бўйича тарғибот.
Туризм ва хизматлар соҳаси
• Кейинги 3 йилда меҳмонхона ва туризм объектлари учун 5 минг гектар ер аукционга чиқарилади; ер учун тўлов ўрнига давлат лойиҳага улушдор сифатида киради (улушни тадбиркор кейин сотиб олиши мумкин).
• Имтиёзли кредитлар: вилоят марказлари ва 36 та туризм туманида 30 млрд сўмгача, бошқа ҳудудларда 10 млрд сўмгача (7 йил, 2 йил имтиёзли).
• Йирик туристик ҳудудлар ташкил этиш: Қорабоғ (Чортоқ), Чимён (Фарғона), Омонхона (Бойсун), Нурбулоқ (Нуробод) – инфратузилмага 150 млн доллар.
• Тошкент ва йирик туристик марказлардан ташқари ҳудудлардаги меҳмонхоналар туристик йиғимдан озод этилади; оилавий меҳмон уйлари лимити икки баравар оширилади.
• 1 млн доллар жамғармали “Энг яхши меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйи” танлови.
Тиббиёт ва хусусий сектор
• Чегара ҳудудларда тиббиёт кластерлари (клиника, реабилитация, меҳмонхона, лаборатория) ташкил этиш; жиҳозлаш учун 200 млн долларлик имтиёзли кредит линияси (7 йил, 3 йил имтиёзли, 17%).
Стартап, финтех ва инвестициялар
• 7 ойда стартапларга 264 млн доллар хорижий сармоя; 600 дан ортиқ стартап фаолият юритмоқда.
• 1 000 та ёшлар стартап ғоясини тижоратлаштириш, шундан 200 тасини халқаро бозорга олиб чиқиш; 100 млн долларга яқин ресурс.
• “Ёш тадбиркорлар” чемпионати: 100 ғояга 1 млрд сўмгача сармоя.
• Инвестиция платформаси – МЧЖлар таъсисчи қўшмасдан, улушдорлик негизи билан сармоя жалб қилади; маблағ кафолатли ҳимояланади.
• Банклардан бу йил тадбиркорликка 6 млрд доллар, келаси йил Кичик-ўрта бизнес учун қўшимча 1 млрд доллар ресурс; Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси орқали 10 млрд сўмгача имтиёзли кредитлар ва қайта молиялаш.
Техник регламент ва сертификатлаш
• 32 тоифадаги товар учун мувофиқлик сертификати бекор, кенг миқёсли декларация амалиётига ўтиш.
• Мажбурий сертификатланадиган товарлар рўйхати 459 тадан 288 тагача камайтилади.
• Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича санитария, ветеринария ва карантин лабораториялари ягона рақамли тизимга бирлаштирилади; назорат “маҳсулотнинг ўзи”га қаратилган бозор назоратига ўтилади.
• 2026 йилдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили: ЭРИ бериш, банк ҳисоб рақамини очиш, ижара, касса аппарати рўйхатидан ўтказиш ва идораларга хабарнома — бир жараёнда.
Макроиқтисодий натижалар ва рақамлар
• Сўнгги 8 йилда 230 млрд доллар инвестиция (шу жумладан 120 млрд доллар хорижий сармоя).
• Жорий йил биринчи ярим йилликда ЯИМ 7,2%га ўсди.
• 139 мингта корхонада иш ўринлари 811 мингтага кўпайди; хусусий секторда ўртача ойлик 5 млн сўмга яқин.
• Бу йил 49 нафар тадбиркор давлат мукофотлари, 112 нафар — “Фаол тадбиркор” нишони билан тақдирланди.
Янги Тошкент — янги имкониятлар рамзи
Учрашув Янги Тошкентда ўтказилгани рамзий аҳамият касб этди. Президент бу мегалойиҳани “ислоҳотларимиз ҳаётдаги ёрқин исботи” деб атаб, тадбиркорлар учун инновациялар ва инвестициялар марказига айланишини қайд этди.
Изоҳ: Очиқ мулоқотга тайёргарлик давомида 26 соҳа бўйича 7 мингга яқин вакил билан учрашувлар ўтказилди, “колл-марказ” орқали 13 мингдан зиёд мурожаат келиб тушди. Президент мурожаатлар асосида ишлаб чиқилган ечимларни амалга жорий этишини маълум қилди.