Хабарингиз бор, 2021 йил 14 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ- 5146 – сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорда республика бўйлаб ҳар бир туманда аҳоли хонадонларига  товуқ шунингдек,  курка, ўрдак, ғоз ва бошқа оммавий бўлмаган парранда турларини тарқатиш, етиштирилган маҳсулотларни сотиб олиш бўйича кооперация ишларини ташкил этиш кўрсатиб ўтилган.

Ҳурматли Президентимиз томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга оид ўтказилиб келинаётган ҳар бир йиғилишда аҳолининг кооперация усулида парранда боқишини ташкил этиш давр талаби эканлиги таъкидланиб келинмоқда. Зеро, бу арзон ва сифатли паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлашнинг энг тезкор ва самарали йўллардан биридир. Энг асосийси, бу ишсиз аҳолининг катта қисмини иш билан таъминлаш имкониятидир.

Ушбу топшириқлар ижросини худудларда таъминлаш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида “Taxiatosh chikkens” МЧЖ томонидан паррандачиликда кооперация тизимида ишлар йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда жамиятда 40 минг бош, шундан, 10 минг бошдан ортиқ  хонаки ота-она галаси парваришланмоқда. Ушбу хўжаликда паррандалар ер шароитида боқилиб, кунига 4-4.5 минг дона инкубацион тухум олинмоқда.

Жамият томонидан дастлаб кооперация тизимида ишларни йўлга қўйиш мақсадида 14 та хонадонга 50, 70, 100 бошдан хонаки паррандалар тарқатилди. Хозирда эса хонадонлар сони 40 тага етказилди.

Жамият томонидан келгусида хонадонлардан кунига 2000-3000 донагача  инкубацион тухум сотиб олиниши режалаштирилган.

Шунингдек, тажриба тариқасида қўшни Беруний туманидаги қатор хонадонларга 400 бошга яқин курканинг насли тез етиладиган зотидан тарқатилди.

“Taxiatosh chikkens” МЧЖ  томонидан  аҳоли билан ишлаш ҳажмини ошириш мақсадида маҳаллаларда бир марталик қуввати 100, 150 ва 250 бош жўжа очиришга мўлжалланган 50 дан зиёд инкубаторлар жойлаштирилди.

Инкубаторлардан чиқаётган жўжалар жамият томонидан 3000 сўмдан 4000 сўмгача сотиб олиниб, жамиятнинг ўзида 90-100 кун парваришланиб, тухум етиштириш мақсадида қайта аҳолига тарқатилиб келинмоқда.

Ҳурматли Президентимиз томонидан жорий йилнинг 16 феврал куни “Чорвачилик ва ипакчилик соҳасида 2022 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар тўғрисида”ги видеоселектор йиғилишида Тахиатош туманидаги “Taxiatosh chikkens” МЧЖ фаолияти эътироф этилиб, Республиканинг ҳар бир ҳудудида аҳоли хонадонларига 100 бошгача хонаки парранда тарқатадиган 2 тадан паррандачилик корхоналарини ташкил этиб, кооперация асосида уй шароитида парранда боқиш ва тухум ишлаб чиқаришни кўпайтириш чорасини кўриш топшириғи берилди.

Ҳозирда барча вилоятларда ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида, кооперация усулида аҳоли билан паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарни ташкил этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Шаҳрисабз туманидаги “Зотли парранда томорқа хизмати”, Беруний туманидаги “Қўнғирот Қият”, Жондор туманидаги “Аржуман бону чорваси”, Бўка туманидаги “Қишлоқ қурилиш фаровон парранда” ва бошқа шунга ўхшаш кўплар корхоналар шулар жумласидандир.

Жондор туманидаги “Аржуман бону чорваси” фермер хўжалиги ҳудудда бройлер товуқ гўшти етиштириш бўйича кооперация ташкил этилган. Асосан, гўшт йўналишидаги бройлер жўжалари парвариш қилинадиган ушбу корхонада 150 минг бош жўжа очиш учун мўлжалланган инкубатор мавжуд.

Биргина ўтган 2021 йилнинг ўзида инкубация усулида 2 миллиондан зиёд бройлер жўжалари етиштирилган.

Фермер хўжалиги ушбу имкониятларидан фойдаланиб, ҳудудда кооперацияни ташкил этган. Ҳозирда 150 дан ортиқ аҳоли хонадонларига кооперация усулида бройлер жўжа ва ем тарқатилган. Етиштирилган бройлерлар фермер хўжалиги томонидан тарқатилган хонадонлардан  келишилган нархларда қайта сотиб олинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 декабрдаги “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ПҚ-54-сонли қарори бўйича томорқа эгаларига қоида тариқасида бошқа йўналишлар каби 100 бош парранда, 5-10 бош курка сотиб олиши учун ҳам имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланган.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ва “Паррандасаноат” уюшмаси ҳамкорликда республиканинг ҳар бир туманида ветеринария хизматларини кўрсатиш ва озуқа-ем тарқатиш, аҳолини ўқитиш марказлари, хонадонларда паррандачиликни йўлга қўйиш бўйича лойиҳа офислари ташкил этилди.

Уюшма томонидан ахоли хонадонларида паррандачиликни йўлга қўйишда фойдаланиладиган ўқув қўлланмалар ишлаб чиқилиб жойларга юборилди.

Шу билан бирга, барча вилоятларда аҳолининг хонадонларда паррандачиликни йўлга қўйиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув-семинарлар ўтказилди.

Аҳолининг арзон ва сифатли паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлашда барча амалий ишлар давом эттирилади.