Хўжаликда бройлер жўжаларини технологик ишлаб чиқариш қуйидаги асосий тамойилларни инобатга олган ҳолда ташкил қилинади:
  • самарали технологик инкубация қилиш, сақлаш ва  транспортда ташиш усулларини қўллаб, юқори маҳсулдор, сифатли дурагай жўжаларни ўстиришни оптимал вариантини танлаш;
  • ёш бройлер жўжаларга эрта ўсиш шароитларини яратиш, жўжаларни паррандахонага келтирилгандан бошлаб сув ва озуқага бемалол етишиш имконини яратиш, шу билан бирга 4 – 5-кунлари қўшимча қўйилган сувдон ва емдонлардан автоматлашган сувдон ва емдонларга безарар ўтишни ташкиллаштириш;
  • жўжаларни биологик, яъни  ўз таркибида меъёрга асосан озуқа моддалари, минерал компонентлар ва микроэлементлари мавжуд бўлган премикс билан бойитилган, тўйимли  ва юқори сифатли омухта ем билан озиқлантириш;
  • паррандаларни ёпиқ бинода ва оптимал микроклимати (ҳаво ҳарорати, нисбий намлиги ва алмашинуви), ёшидан келиб чиқиб мавжуд ёритиш рационал тизими ва физиологик ҳолатларини инобатга олган ҳолда паррандахоналарда ўстириш, боқиш ва етиштириш;
  • жўжаларни сув ва озуқани актив истеъмол қилишини, жиғилдон(зоб)и тўлганлигини назорат қилиб бориш, боқилиш самарасини билиш учун 7-куни тирик вазнини тортиш;
  • жўжаларни бутун ўсиш даврида ҳаво ҳароратини маъқул бўлган режимда ушлаш. Тез ўсувчи бройлер жўжалари ўзидан айниқса ишлаб чиқариш даврининг иккинчи қисмида, катта миқдорда метаболик иссиқлик чиқаради. Жўжани 21 кунлигидан бошлаб атроф мухит ҳароратини 210С дан паст ушлаш, бройлерлар вазнини оптимал ўсишига имкон яратади.
  • юқумли ва юқумсиз парранда касалликларига қарши самарали ветеринария-профилактик чора-тадбирларини қўллаш (бинони санация қилиш, бир вақтнинг ўзида бир ҳил ёшдаги паррандалар билан бинони тўлдириш, ўз вақтида иммунизация қилиш ва бошқалар).
Бройлерларни қафасларда сақлаш ва боқиш учун БКМ-3Б технологик ускуналар ва 3 ярусли КП-8 батареяларини ишлатиш мумкин. Бройлерларни катакларда сақлашнинг афзалликлари шундан иборатки, бир хил ҳажмдаги майдонда ер(пол)да боқилганга нисбатан 1,5 баробар бош сонини кўп ушлаш мумкин, мос равишда бош сони  ҳисобига парранда гўштини ҳам кўп олиш мумкин. Лекин шу билан бирга ер(пол)да боқилганига қараганда қафасда боқилган бройлерлар бир бошига нисбатан камроқ тирик вазн олиниши ва олинган 1 кг тирик вазн учун кўпроқ сарф-харажат қилиниши аниқланган. Юқоридагилардан келиб  чиқиб  хулоса қиладиган бўлсак, бройлерларни ерда боқиш ускуналари катакларда боқиш ускуналарига нисбатан 2 баробар арзон тушади. Бройлерларни ерда боқиладиган ускуналари харажатларини  қоплаш учун 2—2,5 йил вақт талаб этилади, катакларда боқиладиган бройлерлар ускуналари харажатларини қоплаш учун 3—4 йил вақт талаб этилади. Қалин тўшамада бройлерларни етиштириш технологияси энг муҳим ва ҳар томонлама мукаммал ўзлаштирилган технология ҳисобланади. Боқилаётган бройлер жўжаларининг тагига қалин тўшама учун моғорламаган, тоза ёғоч қипиғи, майдаланган похоллар 8—10 см қалинликда ишлатилади. Тўшама ҳарорати пол билан бир хил бўлиши (28-300С) керак. Агар тўшама бир текисда ётқизилмаган бўлса, сув ва озуқага бир текис етолмаганлиги туфайли бройлер жўжалари галасининг бир хил ўсиши кузатилмайди. Бройлер жўжаларини боқиш зичлиги 1   м2 га 12—14 бошни ташкил этади, шунда 1  кв. м. боқиш майдончасида тирик вазнда 32—36 кг парранда гўшти етиштирилади. Жўжалар биринчи 12 – 14 кунлик ёшигача тана ҳароратини бошқара олмайди. Энг қулай тана ҳароратини ҳаво ҳароратини тартибга солиш орқали яратиш мумкин. Пол ҳарорати ҳаво ҳароратига ўхшаб жуда зарур кўрсаткич, шунинг учун паррандахонани олдиндан иситиш жуда мухим ҳисобланади. Паррандахона ҳарорати ва нисбий намлигини жўжаларни келтиришдан иссиқ мавсумда 24 соат, совуқ мавсумда 48 соат  олдин стабиллаштириш керак бўлади. Тавсия этиладиган кўрсаткичлар:
  • Ҳаво ҳарорати 300С (озуқа ва сувнинг олдида жўжа елка баландлигида ўлчанади);
  • Тўшама ҳарорати 28 – 300С;
  • Ҳаво нисбий намлиги 60 – 70%.
Келтирилган кўрсаткичларни ҳамма брудер майдончасида доимий равишда назорат қилиб бориш керак бўлади, бунинг энг яхши индикатори бўлиб жўжаларни хулқи ҳисобланади. Жўжаларни келтиришдан олдин яна бир бор сув ва озуқалар етарли бўлишини ва паррандахона бўйича бир текисда тарқатилганлигини назоратдан ўтказиш керак. Ҳамма жўжалар келтирилгандан кейин зудлик билан озуқа ва сувга етишиш имкони бўлиши керак. Жўжалар картон қутиларда қанча кўп вақт қолсалар, улар организмининг сувсизланиш потенциали шунча кучаяди. Бу эрта чиқим бўлишига ва 7 кунлик ёшида ҳамда ёшининг финал қисмида тирик вазн ўсишининг пасайишига олиб келади. Жўжаларни картон қутилардан брудер тагидаги қоғозлар устига эхтиёткорлик билан тез ва бир текисда қўйилади. Бўш картон қутилар дархол олиб ташланади. Жўжаларга тинчланиш ва янги шароитга кўникиш учун 1 – 2 соат вақт берилади. Шундан сўнг ҳамма жўжаларда сув ва озуқага етишиш имкони мавжудлигини назорат қилиб чиқилади. Асбоб – ускуналарни ишлашини ва ҳаво ҳароратини назорат қилиб чиқиш керак бўлади. Биринчи 7 кун жўжаларга янги шароитга ўрганиш ва озиқланиш ва сув ичиш жараёнини стимуляция қилиш учун кунига 23 соат давомида 30 – 40 люкс интенсивликдаги ёруғлик берилади. Галага тоза ичимлик суви бериш ва жўжаларга қулай бўлган оптимал баландликдаги сувдонларда сувга осон етишиш имконияти яратилиб берилиши керак. Ниппелли линияларни 12 бош паррандага 1 ниппель ҳисобидан, қўнғироқ шаклидаги сувдонларни 1000 бош паррандага 6 та сувдон ҳисобидан ўрнатиш тавсия этилади. Бундан ташқари 1000 бош паррандага 6 та қўшимча мини-сувдон(автосувдон) лар қўйилади. Бошида жўжаларга мини-гранула озуқани 100 бош жўжага 1 дона ҳисобидан ем – поддон ёки тухум флейкасида берилади, ҳамда қоғозларга озуқа шундай солинадики банд бўлган майдон 25 фоиздан кам бўлмаслиги керак. Жўжаларни тўғри қоғоз устига қўйилади. Автоматик тизимдаги емдон ва сувдонлар қоғозга яқин жойлашган бўлиши керак. Бир бошга озиқлантириш фронти  5 см ва сув ичиш фронти 1 см ни ташкил этади. Энг мухим омиллар:
  • Жўжаларга тоза, биобезарар шароитлар яратиб бериш;
  • Бир хил ёшдаги галалар (ҳаммаси бўш – ҳаммаси тўла) принципини қўллаш орқали касалликлар тарқалишини назорат қилиб бориш;
  • Тўшамаларни полга бир текис қилиб солдириш;
  • Паррандахоналарни олдиндан иситиш ҳамда ҳаво ҳарорати ва нисбий намлигини жўжаларни келтиргунча стабилизация қилиш;
  • Паррандахонага жўжаларни тезлик билан жойлаштириш;
  • Жўжаларга зудлик билан сув ва озуқа бериш;
  • Жўжаларни сув ва озуқага осон етишиши учун ускуналарни қулай қилиб жойлаштириш;
  • Тизимли емдон ва сувдонлар ёнига яна қўшимча сувдон ва емдонлар қўйиш;
  • Жўжаларни тинчланиши учун, сув ва емдонларга осон етишадиган қилиб 1 – 2 соатга холи қолдириш;
  • Озуқа, сув, ҳаво ҳарорати ва нисбий намлигини 1 ёки 2 соатдан кейин текшириб чиқиш, керак бўлган жойларда созлаш.

БРОЙЛЕР ЖЎЖАЛАРИНИ ЕТИШТИРИШ БЎЙИЧА ТАВСИЯЛАР