Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 14 июнда ПҚ- 5146 – сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорнинг 3-иловаси 6-бандида республика бўйлаб ҳар бир туманда аҳоли хонадонларига парранда (товуқ, курка, ўрдак, ғоз) тарқатиш, етиштирилган маҳсулотларни сотиб олиш бўйича кооперация ишларини ташкил этиш белгиланган.
Ана шундай паррандачиликда кооперация тизимида ишлар Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида “Taxiatosh chikkens” МЧЖ томонидан йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда жамиятда 20 минг бош атрофида хонаки ота-она галаси парваришланмоқда. Ушбу хўжаликда паррандалар ер шароитида боқилиб, кунига 1300-1500 дона инкубацион тухум олинмоқда.
Жамият томонидан дастлаб кооперация тизимида ишларни йўлга қўйиш мақсадида 14 та хонадонга 50, 70, 100 бошдан хонаки паррандалар тарқатилди.
Келгусида жамият томонидан хонадонлардан кунига 1000 дона атрофида инкубацион тухум сотиб олиниши режалаштирилган. Шунингдек аҳоли билан ишлаш хажмини ошириш мақсадида бир марталик қувати 250, 150 ва 100 бош жўжа очиришга мўлжалланган инкубаторларни маҳаллаларда жойлаштирилди.
Жамиятга озуқа ем маҳсулотларини ва инкубаторларни сотиб олиш мақсадида Ўзсаноатқурилишбанкнинг “Тахиатош” филиали томонидан 1 млрд сўм миқдорида кредит маблағлари ажратиб берилди.