27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари – «Паррандасаноат» уюшмаси раиси табриги
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Сўнгги йилларда Давлатимиз ва шахсан Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан “Сўз эркинлиги”га эътибор кучайиши натижасида оммавий ахборот воситалари турли йўналишларда долзарб мавзу ва масалаларнинг кенг ёритилишига ҳисса қўшмоқда.
Ҳозирги вақтда телевидения, радио, газета-журналлар, қолаверса, электрон ОАВлар халқимизнинг илмий-маърифий, маънавий-маданий савиясини юксалтириш, мазмунли ҳордиқ чиқаришга бўлган эҳтиёжини қондириш йўлида ўз фаолиятини такомиллаштириб бораётгани эътиборга лойиқдир.
Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, соғлом рақобат муҳитини яратиш, фикрлар хилма-хиллигига эришиш, ОАВ минбари орқали барча ижтимоий қатламларнинг фикр ва қарашларини ифода этиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлмоқда.
Бу ҳақда гапирганда, биринчи навбатда, оммавий ахборот воситаларининг фидойилари бўлган, турли долзарб масалаларни қалбидан, юрагидан ўтказиб, бу соҳанинг бошқа тармоқлардан кам бўлмаслиги учун доимо интилиб яшайдиган Сиз — ОАВ ходимлари бор ҳақиқатни албатта яхши англайсизлар.
Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида хизмат қилаётган минглаб инсонларимиз зиммаларидаги масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этаяптилар, деб айта оламан.
Паррандачилик соҳасидаги мавжуд кенг ва қулай имкониятларни, давлат ва жамоатчилик ташаббусларини матбуот, телевидения, радио ва интернет саҳифаларида фаол тарғиб этилишида беназир ҳисса қўшиб келаётган Сиз азизларга тадбиркорларимиз ва паррандачилик соҳасида фаолият юритаётган кенг жамоатчиликнинг самимий миннатдорчилигини етказиб қўймоқчиман.
Азиз дўстлар!
Ҳар қандай касб эзгуликка хизмат қилар экан, шубҳасиз, халқ назарида улуғвор, жамият ҳаётида қадрлидир. Шу маънода, зиммангиздаги улкан ва заҳматли меҳнатни улуғлаб, шу касбдан қадр ва шараф топиб юрганингиз Сизга Яратганнинг иноятидир.
Сиз азизларни касб байрамингиз билан яна бир бор қутлар эканман, касбингиздан доимо барака топиб юринг, эл назаридан қолманг, дейман. Оилангиздан фаровонлик, дастурхонингиздан тўкин-сочинлик аримасин.
Барчангизга Ватанимиз равнақи йўлида қаламингиз ўткир, сўзингиз кескир бўлишини тилайман! Ватанимиз равнақи йўлида садоқат билан хизмат қилишдан ҳеч қачон толманг, чарчаманг!
Б.Исаев,
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари – «Паррандасаноат» уюшмаси раиси