Бугун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Паррандасаноат” уюшмаси ва Хитойнинг “XINGUANG AGRICULTURE AND ANIMAL HUSBANDRY Co.LTD компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда томонлар Ўзбекистонда паррандачилик наслчилигини ривожлантириш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига асосий эътибор қаратди.
Бугунги кунда Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон ўртасида дўстлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб кўплаб тадбирлар ва самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий юксалиш ва ҳамкорлик масалалари янги босқичга кўтарилиб, кўп тармоқли қўшма лойиҳаларни кейинги йилларда амалга оширилиши сезиларли даражада ошгани ҳеч кимга сир эмас.
Ўзбекистон Хитой давлати учун ўлкан инвестицияларни жалб этишга қулай бўлган давлат ҳисобланса Хитой давлати Ўзбекистон учун бозори кенг бўлган ва маҳсулотлар экспорт ҳажмини ошириш учун ўлкан имкониятли давлат ҳисобланади.
Учрашувда Ўзбекистонда парранда гўштини ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш учун гўшт йўналишидаги паррандаларнинг 1-тартибли ота-оналик галаси наслчилик корхонасини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш, наслчилик базасини мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилинди.
Жаҳон бозорида гўшт йўналишидаги парранданинг ота-оналик галасининг тахминан 85 фоизи “Аviagen Group” га ва 15 фоизи “Сobb Vantress” генетик компаниялари улушига тўғри келади.
Бугунги кунда, Ўзбекистонда гўшт йўналишидаги парранданинг 1-тартибли ота-оналик галаси мавжуд эмас.
Шу сабабли, Ўзбекистонга гўшт йўналишидаги парранданинг 2-тартибли ота-оналик галасини “Аviagen Group” ва “Сobb Vantress” генетик компанияларнинг Венгрия, Голландия, Германия ва бошқа давлатлардаги наслчилик корхоналаридан олиб келмоқда.
Шунга кўра, Хитой компанияси билан хамкорликда Гуангминг 2 кроссини Ўзбекистонда кўпайтириш орқали парранданинг 2-тартибли ота-оналик галасини импорт қилишни тўлиқ қисқариш ҳамда генетик компаниялари билан тўғридан-тўғри стратегик ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш режалаштирилган.
Натижада Марказий Осиё давлатлари ҳамда Афғонистоннинг гўшт йўналишидаги паррандачилик корхоналарига наслли материалларни экспорт қилиш тизими йўлга қўйилади ҳамда тирик паррандалар ва инкубацион тухум импорти қисқариши ҳисобига паррандалар юқумли касалликлари минтақалараро тарқалишининг олди олинади.
Ўзбекистонда гўшт йўналишидаги парранданинг 2-тартибли ота-оналик галасини кўпайтириш йўлга қўйилади ҳамда парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажми оширилади.
Энг асосийси янги қувватдаги саноат ишлаб чиқариш кўпайтирилиб, парранда гўшти 2025 йилдан бошлаб импорт қилиш тўлиқ қисқартирилиб, хорижий давлатларга жумладан Хитойга парранда гўштини экспорт қилиш имкониятлари кенгайтирилади ва шу қаторда парранда боқиш маданияти юксалади ва замонавий технологиялар кириб келади.