Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Қўшма корхоналар ва инвестициялар ҳажми ошмоқда. «Bonafarm Group» компанияси томонидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида амалга оширилаётган йирик гўшт йўналишидаги паррандачилик кластери шулар жумласидандир.
Куни кеча Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасида «Bonafarm Group» компаниясининг Ўзбекистондаги стратегик лойиҳалар бўйича директори Янош Волошински, Озиқ-овқат саноати лойиҳаси раҳбари Шандох Михок ҳамда «ОТП Банк» Кенгаши маслаҳатчиси Петре Габор билан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, «Паррандасаноат» уюшмаси ва «Микрокредитбанк» вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа республика аҳолисининг парранда гўшт билан таъминлашда жуда катта ўрин тутишлиги ва келгусида маҳсулотнинг 50 фоизини экспортга йўналтирилиши режалаштирилганлиги қайд этилди.
Комплекс таркибида 10 та паррандачилик фермаси, 25 гектар майдонда сўйиш цехи, 10 гектар майдонда озуқа заводи, 5 гектар майдонда инкубация фермаси, 10 гектар майдонда парранда наслчилик хўжалиги барпо этилади.
Учрашув якунида паррандачилик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда лойиҳани амалга оширишда ҳар томонлама амалий ёрдам берилиши юзасидан келишиб олинди.