Yangi O`zbekiston

“Yangi O`zbekiston” газетасининг 2022 йил 17 майдаги № 97 (619)-сонида “Паррандасаноат” уюшмаси раиси Баҳодир Исаевнинг “Еттинчи хазинанинг бири Уни бойитиш учун мамлакатимизда қандай чоралар кўрилмоқда?” сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

 Қарор ва ижро

Еттинчи хазинанинг бири

Уни бойитиш учун мамлакатимизда қандай чоралар кўрилмоқда?

Парранда — етти хазинанинг бири. Товуқ — ҳам обиёвғон, ҳам дори-дармон, дейишади. Парранда боқиб ҳам  доимий даромадга эга бўлишингиз, ҳам сифатли ва парҳезбоп гўшт истеъмол қилишингиз мумкин. Балки, унинг бебаҳолиги шундадир. Дунё миқёсида парранда гўштига бўлган талаб тобора кўпайиб бораётганини инобатга олсак, мазкур тармоқнинг аҳамияти янада ортади. Бинобарин, аҳолининг кундалик истеъмол харажатларининг
30 фоизини гўшт, сут ва тухум маҳсулотлари ташкил этади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда жаҳонда гўшт маҳсулотлари етиштириш ва истеъмоли бўйича парранда гўшти иккинчи ўринда туради. Паррандачилик бўйича бугунги кунда Хитой, АҚШ, Япония ва Россия олдинги ўринларни эгаллаб турибди. Жаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг берган маълумотига кўра, айни дамда жаҳонда 1.4 триллион дона атрофида тухум, 130 миллион тоннадан ортиқ парранда гўшти етиштирилади.

Шу билан бирга, ҳозир жаҳонда экологик тоза ва тўйимли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратиломоқда. Бунда, яъни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда  паррандачиликнинг алоҳида ўрни бор, албатта.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда охирги йиллардар мазкур йўналишдаги ишларга жиддий эътибор қаратилмоқда. Тармоқ ривожига хизмат қилувчи ҳуқуқий асослар мустаҳкамланяпти. Жумладан, Президентимизнинг 2021 йил 14 июндаги “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПҚ-5146-сон қарорида республика бўйлаб ҳар бир туманда аҳоли хонадонларига товуқ шунингдек, курка, ўрдак, ғоз ва бошқа оммавий бўлмаган парранда турларини тарқатиш, етиштирилган маҳсулотларни сотиб олиш бўйича кооперация ишларини ташкил этиш кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга оид ўтказилиб келинаётган ҳар бир йиғилишда аҳолининг кооперация усулида парранда боқишини ташкил этиш давр талаби эканлиги таъкидланиб келинмоқда. Жорий йил 19 апрель куни  Президентимиз раислигида маҳаллабай ишлаш тизимини натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга доир масалалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам тармоққа дахлдор вазифалар айтиб ўтилди. Зеро, бу арзон ва сифатли паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлашнинг энг тезкор ва самарали йўллардан биридир. Энг асосийси, бу орқали ишсиз одамларнинг катта қисмини банд қилиш имконияти яратилади.

6 миллион 100 минг долларлик экспорт 

Бугунги кунда республикамиз бўйича боқилаётган паррандалар асосан деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари ҳисобига тўғри келади ва уларнинг жами бош сони 59 фоизга тўғри келади. Қолганлари эса фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи бошқа  ташкилотларда парваришланмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг уч ойида парранда гўшти  етиштириш  тирик вазнда 100 минг  тоннага, тухум ишлаб чиқариш 1,4 млрд. донага етказилди. Қолаверса, шу вақт мобайнида жорий йилда рўёбга чиқарилиши режалаштирилган умумий қиймати 1,3 трлн. сўмлик 312 та лойиҳанинг 64 таси молиялаштирилди. Импорт қилинган 428,9 минг бош наслли жўжаларга жами 3 млрд. 860 млн. сўм субсидия маблағлари ажратилди. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 июлдаги  қарорига асосан жами 232 та паррандачилик субъектига 36,1 млрд сўм  миқдорида субсидия тақдим этилди. Тижорат банклари томонидан 64 та корхонага 125,4 млрд сўм йўналтирилди.

Январь-март ойлари давомида паррандачилик корхоналари томонидан умумий 6 млн. 100 минг долларлик паррандачилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.

Шу ўринда қайд этиш керакки, тармоқнинг озуқа харажатлари 65-70 фоизни ташкил этади ва шундан озуқа ҳамда хом ашёларнинг 80 фоизи четдан импорт қилинади. Ҳозирги кунда ем-озуқа нархлари деярли 50 фоизга ошган. Лекин шунга қарамасдан, ички бозорларда тухум ва товуқ гўшт нархлар барқарорлиги сақлаб қолинаётгани диққатга сазовор.

“Маҳаллабай” ишлаш тизими афзалликлари

Бундай ижобий натижаларда “маҳаллабай” тизимида ишланаётгани қўл келмоқда.  Яъни ҳар бир туманда ташкил этилган “Лойиҳа офис”ларидан самарали фойдаланган ҳолда, аҳолининг парранда боқишга бўлган истаги, имкониятлари ва шароитлари ўрганилиб, уларда хонаки парранда боқиш ишлари ташкил этилмоқда.

Хонадонбай ишлаш асосида ҳудудларнинг шароити ва ҳудуд аҳолисининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, аҳоли хонадонларида кооперация усулида 50-100 бошдан парранда боқиш ташкил этиш ишлари эрта баҳорданоқ бошлаб юборилди. Пировардида, ҳозиргача 11 минг хонадонга 1,5 млн. бош парранда тарқатилди. Бунинг натижасида 11 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. 

Кооперация усулида аҳоли хонадонларида парранда боқиш ишларини йўлга қўйиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ҳар бир вилоятда камида иккитадан  Тахиатош туманидаги “Тахиаташ чикенс” МЧЖ мисолида хўжаликлар ташкил этилмоқда. Шаҳрисабз туманидаги “Зотли парранда томорқа хизмати”, Беруний туманидаги “Қўнғирот Қият”, Жондор туманидаги “Аржуман бону чорваси”, Бўка туманидаги “Қишлоқ қурилиш фаровон парранда” корхонаси шулар жумласидандир.

Шу ўринда изоҳ бериб ўтсак, нима учун “Тахиаташ чикенс” бошқа ҳудудларга ўрнак бўлмоқда? Гап шундаки, мазкур жамият фаолияти, чиндан ҳам ўрнак олса арзигулик. Ҳозирги кунда жамиятда 40 минг бош парранда парваришланмоқда. Улар ер шароитида боқилиб, кунига 4-4,5 минг дона инкубацион тухум олинади. Жамият томонидан дастлаб кооперация тизимида ишларни йўлга қўйиш мақсадида 14 та хонадонга 50, 70, 100 бошдан хонаки паррандалар тарқатилганди. Бугун эса хонадонлар сони 40 тага етган. Жамият томонидан келгусида хонадонлардан кунига 2000-3000 донагача  инкубацион тухум сотиб олиниши режалаштирилган.

Шунингдек, тажриба тариқасида қўшни Беруний туманидаги қатор хонадонларга 400 бошга яқин курканинг тез етиладиган зоти етказиб берилди.

“Тахиаташ чикенс” МЧЖ томонидан аҳоли билан ишлаш ҳажмини ошириш мақсадида маҳаллаларда бир марталик қуввати 100, 150 ва 250 бош жўжа очиришга мўлжалланган 50 дан зиёд инкубаторлар жойлаштирилди. Инкубаторлардан чиқаётган жўжалар жамият томонидан 3000 сўмдан 4000 сўмгача сотиб олиниб, жамиятнинг ўзида 90-100 кун парваришланиб, тухум етиштириш мақсадида қайта аҳолига берилмоқда. Жамиятнинг бундай иш тутуми давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътироф этилган.

Умуман олганда, жойларда хонадонбай ишларни ташкил этишда ҳокимликлар, ветеринария бошқармалари ҳамда “Чорванасл” марказлари билан ҳамкорлик қилинаётгани, аҳолининг парранда боқиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув-амалий машғулотлари ўтказилаётгани, турли қўлланмалар тайёрлангани айни муддао бўлмоқда.

Уюшмамиз томонидан жорий йилда Хитой, Россия ва бошқа давлатлардан худуднинг иқлим шароитига мос хонаки парранда тухумларини олиб келиш ва ундан олинган паррандаларни аҳолига тарқатиш ишларини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Россия Федерациясининг Илмий тадқиқот институти қошидаги “Генофонд” МЧЖ билан уларда боқилаётган “Кучинский”, “Московская чёрная” ва “Австролорп” зотларини олиб келиш бўйича келишувга эришилди. Бундай саъй-ҳаракатлар  амалда ўз самарасини кўрсатади, албатта.

Баҳодир ИСАЕВ,
“Паррандасаноат” уюшмаси раиси