Ньюкасл касаллиги (Псевдочума) – юқори тезликда тарқалувчи паррандаларнинг вирус касаллиги, респиратор, висцерал органларини, марказий асаб системасини зарарловчи ва маҳсулдорликни пасайиб кетиши ва ҳалок бўлиши билан якунланувчи ўта юқумли касалликдир.

Қўзғатувчиси – парамиксовирус гуруҳига кирувчи РНК – сақловчи вирус. Сунъий шароитда хўжайра тўқималарида яхши урчийди (кўпаяди), цитопатоген таъсир этувчи, парранда эритроцитларини парчалаш  фаоллиги кучли. Велоген (жуда кучли), мезоген (ўрта) ва лентоген (жуда кучсиз) вирус штаммларига бўлинади. Парранда аэрозол (ҳаво орқали) ёки перорал (оғиз орқали) зарарланиши мумкин.

Клиник ҳолат

Инкубацион даври қисқа – 4 кун. Касалланган парранда тушкун, ҳаракатсиз, ташқи таъсирга жавоб қайтармайди. Бошидаги териси қон айланишининг бузилиши натижасида кўкариб қолади, бурун тешикларидан шиллиқ сув ажралиб чиқа бошлайди, ахлати суюқ, яшил ёки сариқ рангда, айрим ҳолларда қон аралаш бўлади. Нерв – фалажга оид белгилари (симптом)  ривожланади.

Ёш паррандаларда кўпинча клиник сурати ривожланмай атипик формада ўтади.

Товуқларнинг маҳсулдорлиги 50 фоизгача тушиб кетади, тухумлар юпқа қобиқли ёки қобиқсиз бўлади (“қуйма тухум”).

Патоморфология

Касалликнинг ўткир формасида септицемия (қонга кирган вируслар туфайли бутун организмни заҳарланиши) ва ички органлар гемостази: паренхиматоз органларида, ичак шиллиқ пардасида, айниқса безларнинг чиқариш йўлларида қон қуйилиш ҳоллари кузатилади. Ушбу касалликнинг муайян, аниқ белгиларидан безли ошқозон билан мушакли ошқозон ўртасидаги қон қуйилиш жойи ҳамда шиллиқ парданинг илеоцекал бирлашмасидаги тасмали қон қуйилиши ҳисобланади.

Диагностика

Жўжаларда биопроба қўйилади, товуқ тухуми муртакларига юқтириб текширув ўтказилади. Ажратиб олинган вирусни гемагглютинация реакциясини секинлаштириш (РЗГА), нейтралланиш (РН), иммунофлуоресценция (РИФ) серологик усуллари билан  текширилади.

Дифференциал ташхис қўйишда парранда гриппи, инфекцион бронхит, инфекцион ларинготрахеит, Гамборо касаллиги, инфекцион энцефаломиелит касалликларини чиқариш керак.

Даволаш ва профилактика

Ушбу касалликнинг самарали даволаш йўли йўқ бўлгани билан технологик жараённинг асосий усули ҳисобланган касалликка мойил бўлган паррандада ишончли иммунитет ҳосил қилувчи эмлаш усуллари кенг қўлланилади.

Ньюкасл касаллигининг олдини олиш мақсадида махсус лентоген вирус штамми мавжуд бўлган тирик вакциналар, инактивланган ва комбинацияланган вакциналардан фойдаланилади. Асосан “В1”, “Н”, “Бор – 74”, “Ла – Сота” номли вакцина штаммлари қўлланилади.