Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 июндаги “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5146-сонли қарорига асосан Республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда паррандачилик йўналишидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан “Микрокредитбанк” АТБга 85 миллион АҚШ доллар миқдоридаги маблағ ажратиш белгиланган. Ҳозирга қадар (биринчи босқичда) 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилган.

Жорий йилнинг 22 апрелида “Паррандасаноат” уюшмаси “Микрокредитбанк” АТБ билан ҳамкорликда банк томонидан Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган корхоналардан – Тошкент шаҳридаги “Lazzet Fееd” ҳамда Тошкент вилояти Бўка туманидаги “Қишлоқ қурилиш фаровон парранда” МЧЖларга бир гуруҳ республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди.

“Lazzet Fееd” МЧЖ парранда учун асосий озуқа бўлган ем ишлаб чиқариш чиқариш фаолиятини ташкил этиш бўйича умумий қиймати 15 млрд. сўм бўлган лойиҳа ҳисобланади. “Lazzet Fееd”  МЧЖда бугунги кунда тўлиқ қувватда ишга туширилган бўлиб, ҳозирда корхонада 20 га яқин янги иш ўринлари яратилган. Айни пайтда корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган “Старт”, “Рост”, “Финиш” емлари маҳаллий бозорга, шунингдек, қўшни Тожикистон Республикасига ҳам экспорт қилинмоқда. Унга “Микрокредитбанк” АТБ томонидан 2021 йил декабр ойида  парранда озуқаси ишлаб чиқариш мақсадида 2 йил муддатга 6 ой имтиёзли давр билан 10 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилган. Мазкур лойиҳага кўра, корхонада ойига 8000 тонна парранда озуқаси ишлаб чиқарилиб, уни сотиш натижасида ойига 50-60 млрд тушумга эга бўлмоқда.

“Қишлоқ қурилиш фаровон парранда” МЧЖ тухум ишлаб чиқариш ва кўпайтириш  фаолиятини ташкил этиш бўйича умумий қиймати 17 млрд бўлган лойиҳа ҳисобланади. Ҳозирда корхонада 18 нафар янги иш ўринлари яратилган бўлса, корхона тўлиқ қувват билан ишлаганда янги иш ўринлар сони 30 нафарга етказилиши режалаштирилган. “Қишлоқ қурилиш фаровон парранда” МЧЖда тухумлари маҳаллий бозорга, шунингдек, қўшни Афғонистонга ҳам экспорт қилинмоқда.

Мазкур лойиҳага кўра, корхонада 80 минг бош тухум йўналишидаги паррандалар боқилмоқда ҳамда кунига 55-56 минг, ойига 1,6 млн дона тухум ишлаб чиқаришга эришилмоқда. Унга банк томонидан ўтган йили корхона фаолиятини кенгайтириш ҳамда парранда озуқасини сотиб олиш мақсадида 2 йил муддатга 6 ой имтиёзли давр билан 5 млрд сўм миқдорида кредит ажратилган.

Пресс-тур давомида иштирокчилар парранда озуқаси ҳамда тухум ишлаб чиқариш ва кўпайтириш жараёни билан  бевосита яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.

“Паррандасаноат” уюшмаси ахборот хизмати