Aloqa uchun raqam

+998 (71) 271-64-26

Aloqa uchun raqam

+998 (71) 202-12-00

Ҳаммаси биргина хато сабаб – одамларни товуқхўрга, уй бекасини миллионерга айлантирган 500 товуқ ҳикояси

Бундан 100 йил олдин одамлар товуқни бугунгидай кўп истеъмол қилиш имкониятига эга эмасди. Товуқлар фермаларда, асосан, тухум етиштириш учун сақланган, ейиш мумкин бўлган товуқлар эса анча қиммат эди. Ва шундай вазиятда биргина хато туфайли Америкада 50 млрд долларлик товуқ етиштириш саноатига асос солинди. Шу хато сабаб товуқ сўзи паррандадан кўра кўпроқ озиқ-овқат тури сифатида тасаввурларга сингиб кетади.

Ҳаммаси қандай бошланганди?

Одамлар товуқ гўштини жуда кам истеъмол қилган, еганда ҳам қимматга сотиб олишган даврларда бир хато туфайли бутун Америка қишлоқ хўжалигида муҳим ўзгариш содир бўлади. Бу даврда товуқлар асосан тухум етказиб бериш учун боқилган ва одамлар еганда ҳам қари ёки касал товуқларни ё бўлмаса камдан кам ҳолатда қимматга сотиб олинган ёш товуқларни ея олишган.

Ҳаммаси бутунлай ўзгариб кетиши Дэлавер штатида яшовчи аёл Сисил Лонг Стил номи билан боғлиқ. Қишлоқ ҳудудида яшовчи оддий уй бекаси Сисил одатий тарзда 1923 йилда тухум етиштириш учун боқиш мақсадида 50 та товуққа буюртма беради. Бироқ товуқ етказиб берувчи одамнинг хатоси туфайли 50 та ўрнига 500 та товуқ етказиб берилади. Сисил Лонг Стил товуқларни қайтариб юбормайди ва улар учун махсус катаклар қуриб семиртиришни бошлаб юборади.

Сисил Стил

18 ҳафта ичида товуқлар семириб бройлер товуқлар (гўшти учун етиштирилган) сифатида тайёр бўлади. Ўшанда Сисилнинг 387 та товуғи тирик қолиб сотилишга тайёр ҳолатга келади ва аёл уларни меҳмонхона, ресторанларга сотади. Иши яхши бўлгани учун аёл кейинги йили мингдан ошиқ товуқларни боқишни бошлайди. 1928 йилгача товуқлари сонини 30 мингга етказади.

Сисил Лонг Стилнинг бошлаган иши ўша давр қишлоқ хўжалигида янги бир йўналиш – бройлер товуқлар ишлаб чиқаришни, яъни товуқларни гўшти учун етиштиришни бошлаб берди. Унинг кашфиёти, нафақат Америка қишлоқ хўжалигини, балки америкаликлар диетасини ҳам ўзгартирди. Товуқ гўшти оммабоп озиқ-овқат маҳсулотига айланиб, кўплаб оилаларнинг дастурхонида мустаҳкам ўрин эгаллади.

Сисилнинг иши ва кўраётган фойдасидан илҳомланган одамлар ҳам бройлер товуқ етиштиришни бошлаб юборишди. 1928 йилда фақатгина Сисилнинг туғилиб ўсган ҳудудининг ўзида 500 дан ортиқ товуқ етиштирувчи фермерлар бор эди.

Товуқлар ортилган юк поезди. Дэлавер.

Шундан сўнг америкаликлар диетаси тезлик билан ўзгариб боради ва товуқ гўшти мол, қўй гўштларига қараганда кўп истеъмол қилинадиган севимли гўшт турига айланиб улгуради.

Сисил Лонг Стил эса муваффақият қозониб бойиб кетган бўлса-да, унинг бахтиёрлиги узоққа чўзилмади. Сисил 1930 йилларда янги уй ва яхта сотиб олади. 1940 йилнинг октябрида Стиллар оиласи ўзларининг яхтасида меҳмонлар билан саёҳатга чиқишади. Ўшандаги саёҳатда яхтанинг тасодифий портлаши сабаб Сисил ҳалок бўлади.

Сисил Лонг Стил ўлимидан бир неча ўн йил ўтиб, 1983 йилда товуқчилик саноатининг туғилиши сабабчиси деб тан олинади ва Дэлавер аёллар шон-шараф залига киритилади. Одатда, бу зал рўйхатига турли йўналишларда лидерлик кўрсатган, жамиятга фойда келтирган аёллар киритилади.

Товуқхўр одамлар

Бугунги кунда товуқ гўшти одамларнинг рационидан шунчалик чуқур жой олганки, йилига 74 млрд дона товуқ етиштирилади. Бу кўрсаткич 2032 йилгача 15 фоизга ўсиб, 85 млрд донага чиқиши кутиляпти.