Бугун «Ўзэкспомарказ» МККда «Агро саноати – AgroWorld Uzbekistan 2025» 20-юбилей халқаро кўргазмаси ўз фаолиятини бошлади.
AgroWorld Uzbekistan бу йил ўзининг 20 йиллик юбилейини нишонламоқда. Шу ўтган вақт давомида кўргазма қишлоқ хўжалигидаги инновациялар ва замонавий трендларни тақдим этиш, уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, маҳаллий бизнесни ривожлантириш ҳамда экспортни кенгайтириш учун ишончли платформа сифатида ўзини намоён қила олди.
Бу йилги «Агро саноати – AgroWorld Uzbekistan 2025» кўргазмасида 23 мамлакатдан 130 дан ортиқ компания иштирок этмоқда.
Бугундан иш фаолиятини бошлаган кўргазмада дон ва омихта ем, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ускуналари, ўғитлар ва суғориш тизимлари, паррандачилик ва чорвачилик соҳасидаги янгиликлар, ем-хашак ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари, ветеринария соҳасидаги ечимлар ҳамда ишланмалар намойиш этилмоқда.
Шунингдек, халқаро кўргазма ташкилотчилари томонидан ҳамкорлик учун «Паррандасаноат» уюшмасига сертификат топширилди. Уни уюшма раисининг биринчи ўринбосари У.Ш. Аҳмедов қабул қилиб олди.
Маълумот учун, халқаро кўргазма 13 март кунигача давом этади.