Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни рағбатлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида паррандачилик соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 18 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан 2025 йил 29 апрелда маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 16.05.2025 йилдаги ЎРҚ-1063-сон Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари 2030 йилнинг 1 январига қадар юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод этилди.
Ушбу имтиёз паррандачилик билан шуғулланаётган тадбиркорлар учун катта имкониятлар яратади. Ер солиғидан озод этилиши уларнинг харажатларини камайтириб, ишлаб чиқариш таннархининг пасайишига олиб келади.
Шунингдек, мазкур қонун соҳага янги инвестицияларни жалб қилишга ҳам хизмат қилади. Паррандачилик йўналишида фаолият бошламоқчи бўлган тадбиркорлар учун ер солиғидан озод этилиш муҳим рағбатлантирувчи омил бўлади. Бу эса, янги иш ўринларининг яратилишига ва ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.