Aloqa uchun raqam

+998 (71) 271-64-26

Aloqa uchun raqam

+998 (71) 202-12-00

Паррандачиликда янги босқич: Ўзбекистон паррандачилик соҳасига Германиянинг Helaba банкидан инвестиция жалб этилади

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва “Паррандасаноат” уюшмаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳи Германиянинг Франкфурт шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Ишчи гуруҳ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳаси, жумладан, паррандачилик тармоғини модернизация қилиш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган қатор музокаралар олиб бормоқда.

 

Жумладан, Европа молия бозорининг нуфузли ташкилотларидан бири — “Helaba Bank” раҳбарияти билан учрашув ўтказилди.

Ишчи гуруҳ аъзоси Молия вазирлиги масъул ходими Ш. Алламуратов ва “Parranda Investment” МЧЖ раҳбари Сурур Бердиевларнинг маълумотига кўра, томонлар икки томонлама манфаатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиб, Ўзбекистон паррандачилик тармоғига, жумладан, “Паррандасаноат” уюшмаси ҳузуридаги “Parranda Investment” МЧЖнинг Хоразм вилоятида амалга ошираётган тайёр бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун “Helaba Bank” дан 35 миллион АҚШ доллари миқдорида ресурс маблағларини жалб этиш юзасидан келишувга эришилган.

Мазкур келишув нафақат иқтисодий, балки сиёсий аҳамиятга ҳам эга. Европа молиявий институтларининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тармоғига кириб келиши мамлакатнинг инвестиция муҳитига бўлган ишончнинг ортиб бораётганини кўрсатади.Бу ҳолат, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг минтақавий озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ЕИ давлатлари билан стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.


Европа томони бу каби лойиҳаларни амалга оширишда, яшил иқтисодиёт ва экологик барқарорлик стандартларига мос ечимларни топишга йўналтирилган ҳамкорликни жадаллаштиришга аҳамият қаратмоқда. Helaba Bank вакиллари эса Ўзбекистоннинг паррандачилик тармоғининг салоҳиятини “жадал ўсиш нуқтаси” деб баҳоладилар.

Ўз навбатида, “Паррандасаноат” уюшмаси бу ҳамкорликни тармоқни халқаро молиявий тизимлар билан интеграция қилиш сари муҳим қадам сифатида баҳолайди.