Aloqa uchun raqam

+998 (71) 271-64-26

Aloqa uchun raqam

+998 (71) 202-12-00

Мурожаатнома — паррандачилик соҳаси тараққиёти учун аниқ йўл харитаси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичига ўтишини англатувчи, мазмунан пухта ва аниқ мақсадларга йўналтирилган дастурий ҳужжат бўлди.

Давлатимиз раҳбари нутқида иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, технологик янгиланиш ва инсон капиталига таяниш масалалари чуқур таҳлил қилинди. Бу ёндашув, айниқса, агросаноат мажмуаси, жумладан паррандачилик соҳаси учун катта имкониятлар очиб беради.

Президентимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш сиёсати изчил давом эттирилиши, солиқ ставкаларининг барқарор сақланиши, кичик ва ўрта бизнес учун катта молиявий ресурслар ажратилиши паррандачилик корхоналарининг ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги қувватлар яратиш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришда муҳим омил бўлади.

Шу билан бирга мурожаатномада иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш алоҳида устувор вазифа сифатида белгилаб берилди. Бу эса паррандачилик соҳасида замонавий биохавфсизлик тизимлари, энергия ва ресурс тежовчи технологиялар, рақамлаштириш ҳамда юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни жадал жорий этишни талаб қилади. Уюшма сифатида биз ушбу йўналишда аъзо корхоналар билан тизимли ишларни кучайтиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Президентимиз томонидан маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрнини кучайтириш, 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиш ташаббуси паррандачилик тармоғининг ҳам ижтимоий масъулиятини янада оширади. Чунки паррандачилик корхоналари қишлоқ жойларда иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳолини сифатли ва арзон парранда маҳсулотлари билан таъминлаш, экспорт географиясини кенгайтириш масалалари Мурожаатномада белгиланган умумдавлат мақсадлари билан тўлиқ уйғун эканини таъкидлаш жоиз.

Ушбу Мурожаатнома паррандачилик соҳаси учун аниқ йўналиш, кучли рағбат ва масъулиятли вазифаларни белгилаб берди. “Паррандасаноат” уюшмаси келгусида ҳам давлат сиёсатига таянган ҳолда, тармоқ корхоналарини қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб этиш, илғор технологияларни жорий қилиш ва аҳолини сифатли маҳсулот билан таъминлаш йўлида бор куч ва салоҳиятини сафарбар этади.

Улуғбек Ахмедов
“Паррандасаноат” уюшмаси
раисининг биринчи ўринбосари