Ҳурматли тадбиркорлар!

Мана шу ҳаяжонли, файзли дамларда жонажон Ўзбекистонимизга
янги – 2023 йил кириб келмоқда.

Ўтаётган йил мамлакатимиз тарихига иқтисодиёт, саноат, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳаларидаги муҳим ўзгаришлар билан муҳрланадиган бўлди.

Аҳоли фаровонлигини таъминлайдиган ушбу драйвер соҳаларда давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан истиқболли режалар амалга оширилди. Хусусан, 2022 йилда паррандачилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган 2 та Президент қарорлари қабул қилинди.

Ушбу қарорларнинг қабул қилиниши парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун субсидия миқдорини бир минг сўмдан 2,5 минг сўмгача, бир кунлик наслли жўжа учун субсидия миқдорини 9 минг сўмдан 12 минг сўмгача оширди, соҳа учун узоқ муддатли имтиёзли кредитлар бериш билан бирга олинган кредитларнинг муддати 10 йилгача чўзиладиган механизм яратилди ва бошқа қатор соҳани ривожланишига ёрдам берадиган енгилликлар берилди.

Соҳада олиб борилган амалий ишлар натижасида аҳолининг паррандачилик маҳсулотларига бўлган талабини таъминланишига катта эътибор берилди. Жумладан:

жорий йилда 608,1 минг тонна (тирик вазнда) парранда гўшти етиштирилиб, ўтган йилга нисбатан 135 минг тонна кўп ёки 129 фоизга ошди ҳамда 8,4 млрд донадан зиёд истеъмол тухуми ишлаб чиқарилиб, ўтган йилга нисбатан 400 млн донага кўп ёки 105 фоизга ошди.

Бунинг натижасида, аҳоли жон бошига тухум ишлаб чиқариш 234 донага (меъёр 208 дона) ёки 112 фоизга, гўшт ишлаб чиқариш 12 килограммга (меъёр 14,8 килограмм) ёки 81 фоизга етказилди.

Олиб борилаётган ишлар ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошиши сўзсиз наслчилик хўжаликларига ҳам ижобий таъсир ўтказди. Шунинг натижаси ўлароқ, 2022 йилнинг 1 декабрь ҳолатига тухум йўналишида 39,3 млн дона, гўшт йўналишида эса 251,9 млн дона инкубацион тухум ишлаб чиқарилди.

Қилинган ишлар натижасида соҳада экспорт салоҳияти, аввало, яқин қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик янада кучаймоқда.

2022 йилда паррандачилик корхоналари томонидан четга жами
21,2 млн доллар миқдорида ёки ўтган йилга нисбатан 116 фоизга кўпроқ парранда ва паррандачилик маҳсулотлари экспорт қилинди.

Шунингдек, “Паррандасаноат” уюшмаси ва Сиз азизларимиз томонидан 22 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон паррандачиларининг 5-халқаро форуми ўтказилди. Унда паррандачилик соҳасида фаолият юритаётган 20 дан ортиқ хорижий ҳамкор компаниялар, 300 га яқин маҳаллий ташкилот ва хўжаликлар вакиллари иштирок этишди.

Мазкур натижа ва ютуқлар тармоғимизнинг барқарорлигини таъминлаш ва иқтисодиётимизнинг жадал ривожланишига муҳим ҳисса бўлди десак муболаға бўлмайди.

2023 йилда паррандачилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Келгуси йилда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, қолаверса амалга ошириладиган лойиҳалар эвазига барча тоифадаги хўжаликлар томонидан йил якунига қадар 8,6 млрд дона тухум, шу жумладан 348 млн дона инкубацион тухум ҳамда 690 минг тонна (тирик вазнда) парранда гўшти етиштирилишини мақсад қилмоқдамиз.

Паррандачилик корхоналари маҳсулотлар экспорт ҳажмини 2022 йилга нисбатан 123 фоизга ошириб, жами 28 млн долларлик қийматга чиқаришни режа қилмоқдамиз.

Азиз ҳамкасблар, қадрли тадбиркорлар!

2022 йилдаги геосиёсий вазият, логистика билан боғлиқ қийинчиликларнинг келиб чиқиши импорт озуқаларни вақтида етказишдаги муаммоларга учралганига қарамай, паррандачилик тармоғида сизларнинг фидокорона меҳнатингиз эвазига катта ўзгаришларни амалга оширдик ва буни яққол далили сифатида бозорларга етказиб берилган маҳсулот ҳажмларидан ҳам кўриниб турибди.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни, жумладан юртимизда паррандачилик соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркор ва ветеринар шифокорлар, Сиз орқали барча оила аъзоларингизни яқинлашиб келаётган Янги йилнинг қутлуғ шодиёнаси билан самимий қутлаймиз.

Кириб келаётган 2023 йил барчамиз учун файзли ва баракотли келсин!

Сизларга мустаҳкам соғлик, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ва ишингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

 

Баҳодир ИСАЕВ,

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш

давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари,

“Паррандасаноат” уюшмаси раиси