Мамлакатимиз аҳолиси сони 2023 йил биринчи ярим йилликда 36,4 млн. кишини ташкил этиб, яқин келажакда 40 млн.га етиши кутилмоқда.

Бу эса аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига, жумладан ижтимоий маҳсулот ҳисобланган парранда гўшти ва тухумга бўлган талабининг йилдан-йилга ошиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Дунёда глобал иқтисодий вазиятларни ўзгариб бориши мамлакатларда озиқ-овқат хавсизлигига салбий таъсири этаётганлигини, шунингдек давлатларнинг аграр ва иқтисодий сиёсатининг асосий мақсадларидан ҳисобланган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш зарур вазифа эканлигини кўрсатмоқда.

Бунинг учун озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ҳар бир тармоқни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва сифатли ва арзон маҳсулотлар ҳажмини ошириш учун ходимларнинг малакасини ошириш учун тажриба алмашиш, инновацион ғояларни татбиқ этиш ҳамда илғор хорижий компаниялар билан ҳамкорлик мунособатларини мустахкамлаш зарур ҳисобланади.

Шу мақсадларда, паррандачилик тармоғини ривожлантиришда республикамизда ҳар йили дипломатик ваколатхоналар, хорижий сайёҳлар, турли мамлакатларнинг паррандачилик соҳаси вакиллари, эксперт мутахассислари иштирокида паррандачиликка оид кўргазмалар ва форумлар ўтказиб борилади.

“Паррандасаноат” уюшмаси томонидан жорий йилнинг 21 ноябрдаХилтон Тошкент Сити” меҳмонхонасида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ва “Микрокредитбанк” АТБ ҳамкорлигида ўтказилган “ЎЗБЕКИСТОН ПАРРАНДАЧИЛАРИНИНГ VI–ХАЛҚАРО ФОРУМИ” шулар жумласидандур.

Мазкур Форумда йигирмага яқин хорижий мамлакатлардан паррандачилик соҳасига оид 100 дан ортиқ йирик ва илғор компаниялар ҳамда 400 дан ортиқ маҳаллий паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва хўжаликлари вакиллари иштирок этди.

Жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Голландия, Франция, Германия, Венгрия, Финландия, Россия, Индонезия, ва МДҲ давлартларидан иштирок этган 30 нафар малакали мутахассислар ва экспертлар томонидан паррандачилик соҳасини янада ривожлантириш ҳамда муаммоларни ечимига қаратилган тақдимотлар ўтказилди.

Форум доирасида ташкил этилган паррандачиликдаги янги замонавий асбоб-ускуналар, ветеринария дори воситалари ва озуқа-ем намуналари кўргазмаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Таъкидлаш жоизки, аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга бўлган паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб ва устувор вазифалардан ҳисобланади.

Хусусан бу масалага, ушбу Форумда иштирок этган нуфузли олим Россия Фанлар академиясининг академиги Владимир Иванович Фисининнинг тақдимотидан мисол келтиришимиз мумкин:

“Жаҳон иқтисодиётида 2000 йилда барча турдаги гўшт маҳсулотларини ичида парранда гўштининг улуши 29,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсатгич 39 фоизга етказилган, шунингдек, 1 тонна қорамол гўшти ишлаб чиқаришга нисбатан, 1 тонна парранда гўшти етиштиришда озуқа-ем сарфи 2,3 марта кам.”

Кўриниб турибдики, парранда гўшти етиштириш қорамол гўштини етиштиришга нисбатан тез ва бир неча бор арзон ҳисобланади.

Форумда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тажрибасини янада ошириш, инновацияларни қўллаш амалиётини кенгайтириш, жаҳон иқсодиётида паррандачилик йўналишининг аҳамияти, тизимга янгидан замонавий технолгияларни жалб этиш, корхоналарни модернизациялаш ва қувватлардан самарали фойдаланиш, истеъмолчиларга сифатли ва разон нархлардаги парранда маҳсулотларини етказиб бериш имкониятларини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, тадбирнинг бош ҳомиийси ҳисобланган паррандачиликда замонавий асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Россиянинг “ТЕХНА” компанияси ва Паррандасаноат” уюшмаси ўртасида келгусидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган меморандум имзоланди.

Шу билан биргаликда, Форумни ташкил этилишида расмий ҳамкор бўлган Белоруссиянинг “SAGRADA”, Россиянинг “МегаМикс” ҳамда Хитойнинг “FAMSUN CO. LTD” компаниялари фаол иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар тўғрисидаги маълумотлар билан тўлдирилган “Ўзбекистон паррандачилари маълумотномаси” (Справочник) китоби, зарур қўлланмалар ҳамда бошқа турдаги материаллар билан таъминланди.

Форумда, Ўзбекистонда паррандачилик соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган техника ва технологияларни ҳарид қилиш, молиялаштириш учун хорижий кредитлар ва лизинг маблағларини жалб қилиш бўйича шартномалар имзоланди.

Халқаро форум доирасида хорижий компанияларни Ўзбекистон паррандачилиги билан яқиндан таништириш ва келгусида ҳамкорлик янада мустаҳкамлаш мақсадида Б2Б учрашувлари ва хизмат саёҳатлари ташкил этилди.

 “Паррандасаноат” уюшмаси