Вояга етган ёш паррандаларни тухум берувчи товуқлар цехига эрта тонгда кўчирган маъқул, шунда улар кун бўйи янги яшаш жойига ўрганишга улгуришади. Ёш паррандани кўчиришдан 3 кун олдин ва кўчиргандан кейин 3 кун давомида сувда дармондорилар ва электролитлар эритиб берилади. Кўчиришга 10 соат қолганида паррандаларга озуқа бериш тўхтатилади, аммо сув бериш давом эттирилади.

Товуқ галаларини тўлдириб шакллантириш учун тирик вазни ва ривожланиш даражасига қараб ўстириш цехида вояга етаётган жўжалардан танлаб олинади. Товуқхонага бир хил ёшдаги парранда жойлаштирилиши тавсия этилади.

Галани тўлдирувчи парранда тухум бера бошлашидан икки ҳафта олдин товуқларни боқиш биносига ўтказилади. Хўрозлар товуқлардан 2 – 3 кун олдин ўз қафасларига ўтказилади, чунки товуқларга қўшиб қўйиш уларнинг тез ишдан чиқишига олиб келади. Атроф ҳудуд, барча асбоб – ускуна, шамоллатгич ва шамоллатиш йўллари тозаланиши, ювилиши ва зарарсизлантирилиши керак.

Ишлаб чиқариш галаларига ўтказилган ёш товуқлар тирик вазнига қараб кўп қаватли бўлмаларга ажратилган қафасларга жойлаштирилади:

  • пастки қаватга – ўртадан паст вазнлилар;
  • ўрта қаватга – ўрта вазнлилар;
  • юқори қаватга – ўртадан юқори вазнлилар;

Урчитилувчи товуқлар галаси учун ташқи кўриниши ва уруғи сифати баҳоланган хўрозлардан фойдаланилади, хўрозларнинг мокиёнларга бўлган миқдори 1 : 10 нисбатда бўлиши тавсия этилади. Товуқларни тирик вазни ойига бир марта ўлчанади.

Ёш товуқлар товуқхонага ўтказилаётганда ўзида кучли чанқоқликни сезади. Организмни суюқлик йўқотиши атроф мухитни шароитига қараб соатига 0,3 – 0,5 фоиз атрофида (ҳаво 200С илиқликда соатига 4 гр. ва ҳарорат 300Сдан юқори бўлганда соатига 8 гр. суюқлик) йўқотилади. Паррандани ўтказишдан олдин сув узатиш тизими яхшилаб ювилади ва ишлаши текшириб чиқилади. Катакларга жойлаштирилган ёш товуқларга биринчи навбатда сув берилади, чунки озуқа йўқлигида парранда сувни тезроқ топади ва организмда камайган суюқлик миқдорини тез қоплаш имкони бўлади. 3 – 4 соат вақт ўтиб паррандалар сувни тўғри топиб ичаётганига ишонч хосил қилгандан кейин озуқа тарқатилади. Сувни ичаётганлигини ҳар куни назорат қилиб бориш жуда мухимдир. Агар ёш товуқлар ўсиш даврларида ниппеллардан сув ичмаган бўлса, унда сувнинг босими камайтирилади ва биринчи кунлари ниппеллардан озгина сув томчилаб туриши ташкиллаштирилади.

Товуқларни катакда боқиш афзалликлари

Тухум йўналишидаги товуқларни катакларда сақлаш ўзига хос афзалликларни беради. Паррандаларни катакда сақлаш ерда боқишга нисбатан катак ускунасининг турига қараб бир неча баробар  кўп паррандалар боқиш имконини беради. Бундай парваришлаш вақтни, озуқа сарфини тежайди ва тухумни сифатини яхшилайди.

Паррандачилик корхоналарида аввалдан тухум берувчи товуқлар учун бир ярусли ОБН-1, икки ярусли ККТ, уч ярусли БКН-3, олти ярусгача бўлган ТЕХНА русумли катаклар, наслли тухум берувчи она товуқлар учун икки ярусли КБР-2 ва L-112 русумли ускуналар қўлланилиб келинган.

Ҳозирги вақтда Германиянинг “MELLER”,  “HELLMANN” ва “SALMET”, Голландиянинг “FACCO”, Украинанинг “ТЕХНА”, Туркиянинг “KAVSAR”, Эроннинг “ARSAMKAR” компанияларининг технологик илғор анжомлари саноат паррандачилигининг замонавий талабларига тўлиқ жавоб беради.  Хитой давлатида ишлаб чиқилган паррандачилик технологик анжомларига ҳам паррандачилар томонидан талаблар мавжуд.